{{ message }}

Эден Азар: «Месси ва Роналдуга тенглашиш осонмас»

«Челси»нинг бельгиялик ярим ҳимоячиси Эден Азар жорий мавсумни ажойиб тарзда ўтказмоқда. Яқинда нуфузли France Football журнали 2018 йилда Бельгиянинг энг яхши футболчиси ва спортчиси бўлган Азар билан суҳбат уюштириб, турли мавзулардаги саволларга жавоб олди.

- Килиан Мбаппе ўтган йилнинг охирида France Football нашрига интервью берганида, 2018 йилда ўзига қарши ўйнаган футболчилар орасида энг яхши таассурот қолдиргани сиз эканлигингизни айтганди...

- Раҳмат (кулади). Ҳа, биз францияликларга 0:1 (ЖЧ-2018 ярим финалида) ҳисобида имкониятни бой бердик. Лекин мен ёмон ўйнамадим. Шунингдек... Орамизда бир неча йил фарқ бўлсада, биз қалбан яқинмиз. Чунки укаларимдан бирининг исми ҳам Килиан.

- Ўтган йили Мбаппенинг рақиблари орасида Криштиану ва Месси ҳам бор эди...

- Демак, мен улардан кучлиман (кулади). Ҳазил, бу гапларни мен эмас, у айтган.

- Демак сиз ҳам улардек зўрсиз...

- Ҳа, анчадан бери шундайман (Кулади). Ўзимни кўпдан буён зўр ҳисоблайманми? Умуман олганда, ярим йил бўлди. Жаҳон чемпионатидан кейин шундай ҳиссиёт туғилди. Олдинлари ўзимга қараб: «Яхши йигит. Лекин буюклар қаторига киришига ҳали бор», деб ҳисоблардим. Биз ҳақимизда ҳамиша: «Иқтидорли авлод. Лекин самарасиз. Терма жамоа-да ўзларини кўрсата олишмайди», дейишарди. Ўзимиз ҳам шундай фикрлардик. Бирдан ҳаммаси ўзгариб кетди, одамлар «Ҳа, йигитлар ўйнашни билишаркан», дейишди. Тўғри, жаҳон чемпиони бўлолмадик. Лекин энг чиройли футболни намо-йиш қилдик. Натижада ҳурмат орттирдик.

- Жорий мавсумни ажойиб тарз-да ўтказяпсиз. «Тоттенхэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино ва «Челси» устози Маурицио Саррининг айтишича, Месси ва Криштиану Роналду даражасида футбол намойиш қилаётган экансиз...

- Унчалик эмас. Ваҳоланки, улар футболни яхши тушунишади (кулади). Агар шундай дейишаётган экан, демак... Лекин вазиятга реал баҳо бериш керак. Месси билан Роналдуга тенглашиш осонмас. Бу иккиси ўн йиллардан бери қандай ўйнаётганини ўзингиз кўряпсиз. Бироқ ўйинимга шундай баҳо беришларини эшитиш ёқимли. Шунингдек, мен учун ҳаммаси ҳали олдинда.

- Энг юқори чўққига чиқишингиз учун нима етишмаяпти?

- Статистикам ёмон. Агар бу мавсум ўттизта гол уриб, яна йигирмата голга ассистентлик қилсам, одамлар «Буюк» дейишади. Агар ёмон ўйнасам ҳам шундай дейишлари мумкин. Лекин менга бунинг кераги йўқ. Умуман олганда, статистикага эътибор қаратмайман. Мисол учун, Лига кубоги ярим финалининг биринчи ўйинида «Тоттенхэм»га имкониятни бой бердик. Ўша учрашувда ажойиб ҳаракат қилдим, дея оламан. Ёки ЖЧ-2018даги Бразилияга қарши баҳсни олайлик. Ўшанда ҳам гол уриш у ёқда турсин, голли пас ҳам бермаганман.

- 2016 йилнинг ёзида «Челси»ни қабул қилиб олган Антонио Конте сизнинг Роналду ва Месси даражасига чиқишингизда ёрдам беришини айтганди. Унинг ишончини оқлай олмадим, деб ўйламадингизми?

- Нафақат унинг, ўзим ишлаган барча мураббийларнинг ишончларини оқлай олмаганман. Сарри қўл остида бундай бўлмаслигига ҳаракат қиляпман. Мураббийларнинг барчалари кўпроқ гол уришим кераклигини айтишади.

- Сарри келгач, ўзингизни яхши ҳис қиляпсиз.

- Чунки биз битта футбол тўлқинидамиз. Унинг учун футболчининг қандай ўйнаши муҳим. Унгача ишлаган мураббийларга эса энг асосийси очко, гол ўтказиб юбормаслик бўлган. Албатта, Сарри ҳам ҳимояда яхши ўйнашимиз кераклигини уқтиради. Умуман, барча мураббийлар бир нарсани талаб қилишади. Яъни, уларнинг жамоалари деярли тўқсон дақиқа тўпни ўз назоратида ушлаши керак.

- Ҳозир майдонда катта эркинликка эгамисиз?

- Тўғрисини айтсам, ҳамиша «эркин ижодкор» бўлганман. Ҳаттоки, Контенинг ҳимоявий схемаларида ҳам. Ҳеч қачон ҳеч қайси мураббий тўп билан у ёки бундай қилишимни уқтирмаган. Ҳимоя эса бошқа нарса. Мунтазам равишда «Ортга қайтишинг, ҳимояга ёрдам беришинг керак», деган гапларни эшитганман. Бироқ Бенитес ҳам, Ди Маттео ҳам, Моуриньо ва Бельгия терма жамоасидаги Вильмотслар ҳам «Тўпни эгаллаганингдан сўнг истаганингни қил. Муҳими, гол урсак бўлди», дейишарди.

- Иқтидорингизни инобатга олсак, жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлишга қодирсиз. Шу фикрга қўшиласизми?

- Ҳа! Албатта, энг яхши бўлишни истайман. Аммо олдингизда шундай жуфтлик бор экан, бунинг иложи йўқ. Мана, Модрич «Олтин тўп»ни олди. Лекин у жаҳоннинг энг яхши футболчисими? Йўқ. Чунки энг яхшилар - Месси ва Роналду. Қачонки, улар фаолиятларини якунлашса, ке-йин бир гап бўлар.

- Шундан кейин сизнинг навбатингиз келадими?

- Балки. Лекин статистика керак: совринлар, турнирлардаги ғалабалар.

- «Олтин тўп» - ҳаётдаги мақсадингизми?

- Умуман олганда, бор эътиборимни ушбу совринга қаратмаганман. Уйда учта «Олтин тўп»им - фарзандларим бор.

- Сиз учун футбол биринчи ўринда ўйин ва хуш кайфият. Бундай қарашлар билан «оқ қарға»га айланиб қолишдан чўчимайсизми?

- Билмадим. Ҳақиқатан ҳам, рейтингларга киритилган «оқ қарға» бўлсам керак. Умуман олганда, профессионал футболда шундай қарашларга эга бўлган ўйинчилар талайгина.

- Сиз учун ғалаба нима?

- Албатта, барча ғалаба учун ўйнайди. Лекин футболда шу ғалабаларга хаддан зиёд берилиб кетилган. Ҳаттоки болалар футболида ҳам «Ғалаба қозониш керак. Ғалаба! Ғалаба!» деган сўзларни эшитасиз. Борган сари одамлар ўйиндан баҳра олмайдиган бўлиб қолишмоқда.

- Мағлубият-чи? Шундай ўйинлардан сўнг хавотирланмайсизми?

- Ҳа. Ахир ҳар бир учрашувда ғалаба қозониб бўлмайди-ку. «Тоттенхэм»га қарши ўйиндаги мағубиятдан сўнг хавотирланишим кутилганди. Лекин қандайдир қувноқ кайфиятда эдим. Яъни, икки хил ҳиссиёт. Бир томондан, мағлубиятга учраганимиз ёмон. Иккинчи томондан эса, яхши ўйин ўтказдик. Буни мураббийимиз ҳам тасдиқлади.

- Жаҳон чемпионатида Франция термасига имконият бой берилганидан кейин ҳам қувноқ кайфиятда бўлганмисиз?

- Албатта, ундай эмас. Мағлубият оғир ботган. Чунки бундай ўйинлар фаолиятингизда бир-икки марта бўлади, холос. Лекин турнирдаги иштирокимиздан фахрлансак арзийди. Қўлимиздан келган барчасини қилдик, аммо омадимиз чопмади.

- Сизнингча, Бельгия термаси Франциядан кўра финалга ҳақлироқмиди?

- Ундай эмас. Ғалаба қозонишдими, демак барчасини тўғри бажаришди. Шунчаки, яхши ўйнадик, демоқчиман. Бироқ футболда яхши ўйнаган ҳамиша ҳам ғалаба қозонавермайди.

- Франция финалга хақлимиди ёки йўқ?

- Албатта, хақли эди. Турнирда ғалаба қозонишгани кўп нарсани англатиб турибди. Энди бу мавзуга нуқта қўямиз. Умуман олганда, мамлакатингизни жуда яхши кўраман. Худди катта бир оиладек. Шунинг учун ҳам мазкур интервьюга розилик бердим.

- Футболдан лаззат олиб ўйнаш билан бирга тер тўкишга ҳам тўғри келади. «Иш» деганда нимани тушунасиз?

- Ҳеч нимани. Футбол мен учун иш эмас. Заводда, конвейерда, қурилишда ишлашади. Тўп ортидан югуриш иш эмас. Тўғри, футбол ўйнаб, маош оласиз. Шунга қарамай, бу иш эмас.

- Туғма иқтидор туфайли ҳозирги даражага чиқдим, деб ҳисоблайсизми?

- Шундай деса ҳам бўлади.

- Яъни майдонда истаганингизни қиласиз?

- Ҳа, ўзим истагандек ҳаракатланаман. Агар футбол қувонч улашса, демак шундай қилиш керак. Баъзан эса ёқтирмаган ишни бажаришга ҳам мажбур бўламан. Тўп рақибдалигида ҳимояланишга мажбурман.

- Лекин ўйин учун кўрсатмалар, қоидалар бўлади. Ёки бу сиз учун қуруқ гапми?

- Йўқ, тартиб - бу тартиб. Ахир мен бошлиқ эмасман-ку. Агар орқароқда ўйнашни буюришса, сўзсиз бажараман. Ўзимга ёқмасада, ҳимояланишга мажбурман. Баъзан жамоадошларим бу борада менга кўмаклашишади. Эсимда, бир сафар ярим ҳимояда менинг ортимда ўйнаган Матич «Орқага қайтишинг шарт эмас, ўрнингга ҳам мен ҳимояланаман. Сен фақат ҳужум ҳақида ўйла. Пас бераман, гол урасан», деганди. Ўша мавсум шундай қилганмиз. Якунда чемпион бўлганмиз.

- Мураббийлар ва бошқа жамоадошларингиз ҳам сизни Матичдек тушунишадими?

- Ҳа. Шу боис ҳам ўйинимиз қовушяпти.

- Футбол борган сари атлетик спорт турига айланиб боряпти. Шу фикрга қўшиласизми?

- Тўғри, жисмоний ҳолат жуда катта роль ўйнамоқда. Айниқса, Премьер-лигада. Бу борада АПЛ энг қийин чемпионат. Англияга борсангиз, биринчи-иккинчи мавсумларда унчалик ҳис қилмайсиз. Лекин бу ерда етти йилдан буён ўйнаяпман. Жуда чарчатади. Бошқа чемпионатда ўн йил ўйнагандек энергия сарфлайсиз. Айтишларича, кейинги мавсумдан АПЛда ҳам қишки танаффус бўларкан. Шунда осон бўлиб қолар.

- Ана шу етти йилингизга қандай баҳо берасиз?

- Икки марта кубокда ва бир марта чемпионатда ғолиб чиқдик. Лекин якун ҳақида гапиришга эрта. Чунки бу ерда ҳали ўйнайман.

- Яна бошқа клубда тўп суриш истаги йўқми?

- Бор. Ҳамиша Англияда аср якунлангунча ўйнашга мажбур эмасман, деганман. Лекин вазият шундайки, ҳозирча «Челси»дан кетолмайман.

- Балки клубни ўзгартириш вақти келгандир?

- Жаҳон чемпионатидан кейин жамоани алмаштириш истаги пайдо бўлганди. Лекин Лондонда қолдим ва бундан афсусда эмасман. Мавсум яхши ўтяпти. Нимага ўзгартириш керак?

- Агар «Реал» таклиф қилса-чи?

- Балки рози бўларман.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда

Киритиш