{{ message }}

Супермоделлардан тортиб, қиролигача ёки ЭНГ МАШҲУР МУХЛИСАЛАР ҲАҚИДА

Футбол ақлли ва гўзал, энг асосийси, машҳур ҳурлиқоларни ҳам ўзига мафтун этган. Бунга етарлича мисоллар келтириш мумкин. Италия, Испания, Англия, умуман, кўплаб мамлакатлардаги футбол клубларига кўнгил қўйган таниқли аёллардан узун рўйхат тузиш мумкин. Демак, бу сафарги фотожамланмамиз (манба: soccer.ru) нозанин ва машҳур мухлисаларга бағишланади.

Актриса Кира Найтли - «Вест Хэм». «Кариб денгизи қароқчилари» фильмида Элизабет Суонн ролини маромига етказиб ижро этган ва 2 марта «Оскар» мукофотига лойиқ топилган актриса бошқа ишлари билан ҳам машҳур. Дейлик, у баъзан Лос-Анжелесдаги уйида эрталабки соат 4-6да уйқудан туриб, дарҳол телевизорни ёқади - «Вест Хэм» ўйинини кўриш учун. Бордию, севимли жамоаси учрашуви иш вақтига тўғри келса, натижага қизиқиб туради ва кейинчалик видеоёзувга мурожаат қилади. Кирада футболга нисбатан муҳаббат отаси - Уилл Найтли таъсирида уйғонган. Алоҳида айтиш жоиз, у қизига рус фигурачиси Кира Ивановага ҳавас қилиб, исм танлаган экан. Умуман, спорт эмас, кино оламида ўз ўрнини топган Кира футболда кўп нарсаларни тушунади, дейлик, таҳлилий кўрсатувларни мунтазам кузатиб боради.

Модель Сара Сампайо - «Порту». Айримлар бу ҳурлиқони танимасликлари ҳам мумкин, аммо «Инс-таграм» тармоғида нақ 7,2 млн. обуначиси (!) борлиги Victoria~s Secret юлдузининг нақадар машҳурлигидан далолат. Қолаверса, Сара шунчаки, етакчи брендлардан бирининг нав-батдаги ёш моделигина эмас, унинг қаллиғи - британиялик мультимиллионер Оливер Рипли. Отаси эса футболнинг ашаддий фанати. Хуллас, Портуда туғилган Сара шу шаҳар номидаги жамоа мухлисасидир. Сампайолар оиласида ҳаттоки, Рождество костюмлари ҳам футбол ва Европа кубогини эслатиб юборади.

Қиролича Елизавета Виндзор - «Арсенал». Айтишларича, 92 ёшли қиролича муҳташам Букингем саройида атрофидагиларга Елизавета II эмас, балки Елизавета IV эканлигини уқтириб келар экан. Бу борада ҳазиломуз гаплар ҳам бор: «Арсенал»нинг севимли ўрни айнан тўртинчи қатор-да...». Жиддий айтганда, қиролича деярли бутун ҳаёти давомида Лондон клубини қўллаб-қувватлаб келганини ҳеч қачон яширган эмас. Дарвоқе, бу муҳаббат унга онасидан ўтган. Аслида қироллик оиласининг кўплаб вакиллари Англияда етарлича ғалаба қозонган клубларга кўнгил беришган. Фақат Елизаветанинг бувиси ва набираси (Гарри) «гуннерлар» («Арсенал»нинг яна бир лақаби)га содиқ қолган. Маълумот учун айтиш керак, Елизавета II биринчи жаҳон чемпионатидан 4 йил муқаддам туғилган, илк Европа биринчилиги вақтида эса Францияга Буюк Британия қироличаси сифатида ташриф буюрган. Энди қария хоним нечта ўйин кўрганини ўзингиз ўйланг...!

Модель Эмили Ратаковски - «Ювентус». Деярли бир асрлик «стаж»га эга тажрибали мухлиса ўз йўлига, футболга энди-энди ошуфта бўлаётган ҳурлиқолар сафи ҳам жуда кенг. Масалан, модель Ратаковски Лондонда зиёли америкаликлар оиласида туғилган. Фамилияси инглизча эмаслиги боиси шу. Қизалоқ отаси изидан илм соҳасига бош суқишни истамади ва ёшлигидан моделликка қизиқди, кейин актрисаликни ихтиёр этиб, фильмларда ҳам суратга тушди. Умуман, у ҳаракатдан асло тўхтамайди. Қаранг, Эмили ҳаттоки, «Ювентус» билан дўстлашишга ҳам вақт ажрата олди. Хусусан, Пауло Дибала билан анча иноқлашган Ратаковски эндиликда Турин клуби брендини бутун дунё бўйлаб кўз-кўз қилмоқда, янги логотипи намойишида бевосита иштирок этди. Эҳтимолки, у футболни унча яхши тушунмас, лекин «Юве»га асло бефарқ эмас. Қолаверса, ҳурлиқо мухлиса учун ўйин қоидаларини тўлиқ билиш шарт бўлмаса керак...

Телебошловчи Рэйчел Райли - «МЮ». Оксфорд университетининг математика факультетида таҳсил олган Рэйчел квант механикасини ўрганган ва эфирда текстни феноменал даражада тез ўқийди. У Буюк Британияда кўнгилочар кўрсатув орқали шуҳрат қозонди. Райли дастурни таниқли комик Жимми Керри билан бирга олиб боради ва турли мавзуларни кулгули танқид воситасида муҳокама марказига ташлайди. У шунингдек, футбол ТВда ҳам кўриниш бердию, узоқ ушланиб қололмади. Гап шундаки, «МЮ»ни ёқтирмайдиган фанатлардан эътироз дўлдек ёғилганди. Дарвоқе, Рэйчел «қизил иблислар» ўйинларини кўпинча россиялик раққос Павел Ковалёв билан бирга томоша қилади.

Хонанда Адель Эдкинс - «Тоттенхэм». «Хеллоу»! Британиялик хонанда ижросидаги хит. Ушбу қўшиқ ижтимоий тармоқларда 2,4 млрд. марта тингланган ва томоша қилинган. Ҳа, «Тоттенхэм» футболчилари ўз ўйин-лари воситасида шундай машҳур хонандани ром этишгани билан мақтанишлари мумкин. Бўлажак юлдуз ва дунёдаги энг бой ёш хонимлардан бири Шимолий Лондонда туғилган. Адель 8 ёшга тўлишига қадар «Тоттенхэм»нинг уй аренасига яқин ҳудудда яшаган ва ҳалигача имкон туғилиши билан футбол томошасига ошиқади. У айниқса, стадионда «шпорлар» тимсоли билан суратга тушишни хуш кўради. Қизиқ, Адель энг севимли ўйинчиси сифатида кимни кўрсатаркин? Вариантлар етарли - Кристиан Эриксен, Деле Алли, Гарри Кейн, Сон Хюн Мин...

Актриса Моника Белуччи - «Рома». Италиялик актрисанинг жаҳон киносидаги роли беқиёс. Ҳар ҳолда, у турли фильмларда турли образларни мукаммал ҳолатда кўрсатиб берган - Персефона («Матрица»), Клеопатра («Астерикс ва Обеликс»), Малена («Малена»). Қисқаси, гап асрлар алмашуви даврида серқирра ижоди билан алоҳида ажралиб турган аёл ҳақида кетмоқда. Моникадан футболга боғлиқ муҳаббати хусусида сўрашганида, у «Рома»ни тилга олган. Лекин шунинг баробарида футболда ҳеч нарсани тушунмаслигини яширмаган. Белуччи хоним табиийки, «Рим шаҳзодаси» Франческо Тотти билан яхши таниш.

Актриса Алисса Милано - «Интер». «Мафтункорлар» сериали ортидан танилган Алисса Бруклинда туғилган. Лекин фамилияси айтиб турибди, томирида итальянлар қони бор. Милано айни пайт АҚШ президенти Дональд Трампни калака қилишдан чарчамаяпти, хайрия жамғармаларига фаол кўмак бермоқда, хусусан, турли хасталикларни ўрганувчи марказга шахсий ҳисобидан катта миқдорда маблағ ажратди. Оддий айтганда, ўта фаол хоним. 2 нафар фарзандининг отаси эса спорт агенти. Милано нега айнан «Интернационале»ни танлаган? Бу итальянларга ҳурмат билан қарашининг белгиси бўлса, ажабмас.

Актриса Кэтрин Зета-Жонс - «Суонси». «Оққушлар» 2015 йили «МЮ»ни мағлубиятга учратишганида, Кэтрин ғалаба шарафига Лос-Анжелесдаги бассейнни пудаладиган ўйинчоқ оққушлар билан тўлдирганди. Унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида футболга доир изоҳлар ҳам кўп. Уэльслик хоним 2004 йили ҳаттоки, амакиси бош-қарувидаги «Лланелли Таун» клубига сармоя киритганди. Бу жамоа 2008 йили ўз тарихида илк марта Уэльс чемпиони бўлди. Бироқ кейинчалик клубнинг ишлари ортга кетди. Майкл Дуглас турмуш ўртоғининг яна бир футболча эҳтироси - «Суонси». «Оскар» соҳибаси азалдан «оққушлар»га мухлисалик қилади.

Хонанда Мадонна Чикконе - «Бенфика». Гай Ричи - «Челси» фанати, унинг собиқ турмуш ўртоғи Мадонна Чикконе эса камтаринроқ «Бенфика» мухлисаси ҳисобланади. Кутилмаган танлов тўғрими? Ахир америкалик хонанда ижод бобида Португалияга умуман боғлиқ эмас. Гап шундаки, эстрада юлдузи 2006 йили, 60 ёшида Дэвид Бандени ўғилликка олган.  Бу йигит айни пайт 15 ёшда ва «Бенфика» мактабида шуғулланмоқда. Тутинган она эса ўғлининг истиқболи йўлида Лиссабонга кўчиб ўтди ва 5,4 млн. еврога шоҳона уй сотиб олди.

Актриса Шарлиз Терон - «Челси». Кино олами юлдузи ва Лондон клуби ўртасидаги муносабатлар аввалига реклама лойиҳасидек туюлди. Чунончи, Шарлиз «Челси»нинг Лос-Анжелесдаги офисига қўнғироқ қилиб, жонажон юрти - ЖАРда хайрия дастурини амалга ошириш таклифини ўртага ташлаганди. Аниқроғи, у ўз лойиҳасини футбол майдонида кўрсатмоқчи бўлди ва «Челси» бу борада ёрдам қўлини чўзди. Якунда Терон Лондонда «аристократлар» футболкасини қабул қилиб олди, бироқ актрисанинг клубга қайғура бошлаши масаласида шубҳа бор эди. Кейинчалик ойдинлашдики, Шарлиз спортни жуда яхши кўради, хусусан, футболга асло бефарқ қарамайди. Хуллас, у миллионлар ўйинига риштасиз боғланган яна бир «Оскар» соҳибасидир.

Хонанда Хелена Фишер - «Боруссия» Д. Кўпчилик бу қўшиқчини унча яхши танимаса керак. Красноярскда туғилган Елена Петровна (асл исм-шарифи) 2018 йили германиялик хонанда ролида нақ 32 млн. доллар топди. Фишерлар оиласи вакиллари анчадан буён Дортмунд «Боруссия»га мухлислик қилишади. Ота-онаси билан аждодлари юртига бутунлай кўчиб кетган Хелена эса «Сигнал Идуна Парк»да катта концерт ҳам берган. Қисқаси, поп-юлдуз даражасига кўтарилган Фишер футболга ошуфта.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда

Киритиш