{{ message }}

ЭКТОР КУПЕРНИНГ АНОРРАНГ «ЛАНУС»И

Шак-шубҳасиз, Эктор Купер - дунёга машҳур мураббийлар ичида алоҳида шахс. Бугунги кунда миллий термамизни бошқараётган бу мутахассис фаолиятининг гуллаган пайтлари ажойиб лойиҳаларни амалга оширган. Кўпчиликнинг фикрича, унинг жамоалари асосан тартибли ҳимояга эътибор қаратади. Лекин шуниси аниқки, Купернинг услуби асло зерикарли эмас. Дейлик, Купер бошқарган «Валенсия»нинг ўйини энг фаол танқидчиларга ҳам маъқул тушганди. Биргина муаммо - жаноб Эктор совринларга етай деганда, қоқилади. Умид қиламизки, аргентиналик мутахассис термамиздаги фаолияти давомида ушбу қора анъанага барҳам беради. Ваҳоланки, Купер ҳозиргача ўз шогирдлари билан ёрқин лаҳзаларни ҳам бошдан кечирган. Яқинда Soccer.ru портали вакиллари ана шу дамларни ёдга олишди.

 Таржимаи ҳол

Эктор Купер бошқарувидаги «Мальорка» ва «Валенсия» клублари миллий ва халқаро чемпионатларда бош совринга бир неча бор яқин келишсада, амалда ғолибликни қўлга кирита олишмаган. Бошқача айтганда, жамоалар ютуқни шунчаки бой беришган. Тўғри, Купер «Мальорка» билан Испания Суперкубоги финалида «Барселона»дек рақибни енгган, лекин аргентиналик мутахассис фаолияти давомида ҳал қилувчи баҳсларда ютқазавергач, уни «абадий иккинчи» номи билан атай бошлашди.

Аммо Купер мураббийлик фаолияти даврида арзирли соврин ютган, ҳарқалай. Биз бу ўринда Аргентинанинг «Ланус» клуби 1996 йили КОНМЕБОЛ кубогида муваффақиятга эришганини назарда тутмоқдамиз. Жанубий Америка футболидан хабардорлар яхши билишадики, КОНМЕБОЛ кубоги авваллари УЕФА кубоги деб юритилган мусобақага жуда ўхшаб кетади. Ўшанда дунё аҳли футбол оламида Эктор Купер номли мураббий ва яна «Ланус» номли клуб мавжудлигидан хабар топди. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, мана шу улкан муваффақият кейинроқ «Мальорка» ҳамда «Валенсия»даги шов-шувли натижаларга йўл очди.

Очиғини айтиш керак, «Ланус» токи жамоа бошқаруви Эктор Купер қўлига ўтмагунича ҳатто Аргентинада ҳам унчалик таниқли эмасди. Зеро, Буэнос-Айреснинг бир четида жойлашган мазкур клуб элитага доим ҳам йўлланма олавермаган. Шунингдек, «анорранглилар» Купергача бирор-бир соврин ҳам ютишмаганди. Лекин тақдирнинг ҳазилини қарангки, дунё футболидаги энг буюк афсоналардан бири бўлган Диего Марадона ҳам футболдаги илк қадамларини айнан «Ланус»да қўйган. Тўғри, Диего улғайгач, бирор марта анор тусли либосни киймаган ва шу боис, илк клуби сифатида «Бока Хуниорс»ни тан олади.

Келинг, мавзудан узоқлашмай, Купер ҳақидаги маълумотларни давом эттирайлик. У футболчилик даврида яхши ҳимоячи бўлган ва узоқ йиллар «Феррокарриль Оэсте» клуби шарафини ҳимоя қилган. Эктор футболчиликдаги сўнгги, мураббийлик соҳасидаги илк йилларини ўтказган «Уракан» ҳам жаҳон футболида анча-мунча ном таратган. Эҳтимол, шунинг учунми, Купер вақти-вақти билан мамлакат терма жамоасига ҳам жалб қилинган. Аниқроғи, у мунтазам равишда термага номзодлар рўйхатида бўлган ва ҳатто, 1986 йили Мексикада ўтган ЖЧда қатнашиши ҳам мумкин эди. Аммо сўнгги дақиқаларда рўйхатдан тушиб қолган - Экторга инглизча фамилияси бироз халал берганди.

Купер 38 ёшга тўлганида, «Уракан»да мураббийлик фаолиятини бошлади ва тез орада жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди. Эктор янги касбида кўпроқ Эленио Эрреранинг фаолиятидан илҳомланганини ҳеч қачон сир тутмаган ва шу сабабли, унинг услубида ҳимоядаги ҳаракатлар аниқлиги биринчи даражага кўтарилади. Қисқаси, 1973 йилдагина бир бор чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган «Уракан» 1994 йилда, айнан Купер бошчилигида олтин медалларга жуда яқин келади. Аммо энг сўнгги тургача биринчи ўринда борган «Уракан» дуранг ўйнаса ҳам кифоя қиладиган ўйинда асосий таъқибчи - «Индепендьенте»га 0:4 ҳисобида енгилади.

Мазкур натижадан кейин Купер «Ланус» клубида иш бошлайди ва шу пайтгача ҳеч ким назарига илмаган жамоа шиддат билан кучайиб боради. Апертуранинг 1995 йилги баҳсларини «Ланус» учинчи ўринда якунлайди. Чемпионлик мақоми эса «Велес Сарсфилд»га насиб қилади. Аслини олганда-ку, «Расинг», «Ланус» ва «Бока Хуниорс» клублари бир хил очко жамғаришганди. Лекин тўплар нисбатидаги ҳисоб-китоблардан сўнг «анорранглилар» «Расинг»дан қуйида, аммо «Бока»дан юқорида жойлашишади. Чемпионат давомида камтаргина «Ланус» «Ривер Плейт», «Индепендьенте», «Уракан» ва «Ньюэллз Олд Бойз» жамоаларини мағлуб этади, «Велес» ҳамда «Бока» билан дуранг ўйнайди. Клаусурада эса «Ланус»га яна учинчи ўрин аталганди - «Велес» ва «Химнаси»дан кейин. Купернинг таъкидлашича, ўшанда иккинчи «бронза» биринчисидан кўра машаққатлироқ тарзда қўлга киритилган экан. Негаки, мавсумнинг иккинчи қисмида «Ланус» «Велес» ҳамда «Бока» томонидан мағлуб этилади. Умуман олганда, икки турнирни қўшиб ҳисобланса, «Ланус» - мамлакатнинг 2-жамоаси сифатида эътироф этилади.

 

Ғолиб Қаҳрамонлар

«Анорранглилар» Либертадорес кубогига чиқа олишмади, лекин омадни қарангки, уларни 1992 йилда асос солинган КОНМЕБОЛ турнири кутиб турганди. Келинг, даставвал, ушбу турнирда қаҳрамонлик кўрсатганлар билан танишсак. 1996 йили «Ланус» вакилларини Аргентинадан ташқарида деярли ҳеч ким танимасди. Аммо таркибдаги айрим футболчилар КОНМЕБОЛдаги зафардан кейин машҳурликка эришишди. Дейлик, дарвозабон Карлос Роа. Дастлаб «Ланус», кейинроқ Аргентина термаси ва «Мальорка» клубида тўп сурган Роа ҳатто Алекс Фергюсоннинг назарига тушади. Унинг қиёфасида афсонавий Петер Шмейхелга муносиб ворисни кўрган Фергюсон дарвозабон билан алоқага ҳам чиқади. Аммо турли сабаблар туфайли Роадан рад жавоби олинади ва Фергюсон бу номзоддан воз кечади. «Челси» билан ҳам деярли шунга ўхшаш воқеа рўй берганди. Айтиш жоизки, «Ланус»нинг муваффақиятларида Карлоснинг ўрни беқиёс. У пайтлари Педро Ромоли асосий дарвозабоннинг ўринбосари вазифасини бажарган.

Ўнг қанот ҳимоясида «Акулача» лақаби билан машҳур Хуан Серрисуэло тўп сурган. Лақабнинг нега бунчалик ғалати эканига ҳайрон бўлманг. Чунки Хуан аргентиналик машҳур ҳимоячи, 1990 йилги ЖЧнинг кумуш медали соҳиби Хосе Серрисуэлонинг туғишган укаси бўлади. Катта ёшли мухлисларга маълумки, Хосени ўша пайтлари «Акула» деб эркалашарди. Ҳимоянинг чап қанотида Армандо Гонсалес ва парагвайлик Теофило Барриос навбати билан тўп суришган. Ҳимоя марказида эса кўпроқ икки Густаво - Фалачи ҳамда Сивьеролар ҳаракат қилишган. Зарурат туғилса, улардан бирини Андрес Брессан алмаштирарди. Кўриб турганингиздек, бу ҳимоячиларни машҳур деб айта олмаймиз, лекин Купер «Ланус» мудофаа чизиғини Аргентинадаги энг кучлиларидан бирига айлантира олган. Ўнг қанот ярим ҳимоясида Хуан Игнасио Фернандес, чап томонда эса Уго Моралес ёки Вальтер Койеттелардан бири ўйнаган. Таянч ҳудудида «Эл Чанго» номи билан танилган Даниэль Караверо тўп сурарди. Исталган вақтда унинг ўрнига Оскар Мена ёхуд шунчаки, Менча майдонга туширилган. Ҳужумлар ижодкори Ариэль Ибагаса вақтлар ўтиб, Купер билан «Мальорка»га таклиф этилди ва кейинроқ «Атлетико» ҳамда «Вильярреал» клубларида ҳам тўп сурди. Унинг ўринбосари Клаудио Ласосеглиас эди. Ҳужум чизиғидаги Ариэль Лопес ёки Клаудио Энриа исталган пайт рақиб ҳимояси учун хавф солиб туришган. Яна бир эътиборли томони, юқоридаги форвардлар жарима майдонига асосан қанотдан кириб боришарди. Шу боис, Купер «классик» марказий ҳужумчига эҳтиёж туғилиши мумкинлигини инобатга олиб, «Буйвол» лақабли Гонсало Беллосо ҳамда боливиялик Милтон Коимбрани захира варианти сифатида сақлаган. Айтганча, Милтонни Аргентинада Hippopotamus деб чақиришарди. Ўйлашимизча, бу атамага таржима шарт эмас.

Соврин сари йўл

«Ланус»нинг КОНМЕБОЛ кубогидаги юриши Боливия пойтахти Ла-Пасда, маҳаллий «Боливар» клубига қарши ўйиндан бошланади ва унда Купер шогирдлари 0:1 ютқазишади. Қизиғи шундаки, Эктор Купер учрашувдан сўнг натижадан мамнун эканини, чунки тоғли ўлкадаги бундай сийрак ҳаво шароитида меҳмонлар жуда қийналишганини таъкидлайди. Чиндан ҳам, жавоб баҳси мутлақо бош­қача кўриниш касб этиб, унда «Ланус» рақибини ишончли тарзда таслим қилади - 4:1. 1|4 финал босқичи эса «анорранглилар» учун анча осон кечиб, улар Парагвай пойтахти Асунсьонда Мена ва Койетте томонидан урилган голлар эвазига «Гуарани»ни енгишади. Ўз уйида, «Форталес» стадионидаги жавоб учрашувида эса Купер жамоаси рақибдан сезиларли даражада кучли экани ойдинлашади - 6:2. Эътиборлиси, ярим финалда «Ланус»га мусобақанинг амалдаги ғолиби ва Аргентина чемпионатидаги асосий рақиблардан бири - «Росарио Сентраль» рўбарў келади. Буэнос-Айресдаги биринчи тўқнашувда Беллосо «Росарио» дарвозасини ишғол қилади. Орадан бироз вақт ўтиб, меҳмонларнинг ўзлари автогол билан «Ланус»га ёрдам бериб юборишади. Ўйин охирларида эса Мена якуний ҳисобни ўрнатади - 3:0. Албатта, «Росарио» футболчилари жавоб баҳсида ўч олиш мақсадида бор кучларини ишга солиб, Роа қўриқлаётган дарвозага тўп киритишади. Бироқ Серрисуэлонинг жавоб голи ашаддий рақибнинг попугини пасайтириб, мезбонлар кайфиятига салбий таъсир қилади. Бунинг оқибатида «Ланус» яна икки бор гол уриб, финалга йўл олади.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда

Киритиш