{{ message }}

«Манчестер Сити» ўн киши қолган ҳолда «Шальке»дан ғалабани тортиб олди

Европа Чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичи илк баҳсидан ўрин олган «Шальке-04» – «Манчестер Сити» учрашуви ўз ниҳоясига етди. «Фелтинс-Арена»да кечган баҳсда англияликларнинг қўли баланд келди.

Учрашув кутилганидек меҳмонларнинг устунлигида бошланди ва бу 18-дақиқада ўз самарасини берди. Серхио Агуэро манкунианларни олдинга олиб чиқди. 38-дақиқада Набил Бенталеб пенальтини аниқ бажариб мувозанатни тиклади.

Орадан кўп ўтмай инглиз клуби дарвозаси томон яна бир пенальти белгиланди ва Бенталеб бу сафар ҳам мўлжалдан адашмади. Бунинг устига 68-дақиқада «Сити» футболчилари бир киши кам бўлиб қолишди, Николас Отаменди иккинчи сариқ карточкасини олиб майдонни тарк этди.

Бироқ 85-дақиқада манкунианлар ҳисобни тенглаштиришди, Лерой Сане жарима зарбасини аниқ ижро этган ҳолда собиқ жамоаси дарвозасини ишғол қилди. Ўйин якунланиши арафасида меҳмонлар учинчи голни уришди, Эдерсоннинг узун пасидан сўнг Рахим Стерлинг дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва жамоасига ғалаба келтирган голга муаллиф бўлди.

Шу тариқа, Пеп Гвардиола шогирдлари жавоб ўйини олдидан қулай натижани қўлга киритишди. «Манчестер Сити» — «Шальке» учрашуви 12 март куни Манчестерда бўлиб ўтади.

Ушбу учрашувда киритилган голларни UFF.uz Media каналида томоша қилишингиз мумкин.

Чемпионлар лигаси
1/8 финал, илк ўйин

Шальке Германия – Манчестер Сити Англия 2:3 (2:1, 0:2)

Голлар: 0:1 – 18 Агуэро, 1:1 – 38, пенальти Бенталеб, 2:1 – 45, пенальти Бенталеб, 2:2 – 85 Сане, 2:3 – 90 Стерлинг.

Шальке – Фэрманн, Брума, Сане, Настасич, Мендиль (Бургшталлер, 65), Сердар, Очипка, Маккенни (Скрибски, 78), Калиджури, Бенталеб, Ут (Харит, 87).

Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Отаменди, Лапорт, Фернандиньо, Сильва (Компани, 70), Гюндоган, Бернарду Силва, де Брюйне (Зинченко, 87), Стерлинг, Агуэро (Сане, 78).

Огоҳлантиришлар: Отаменди (36), Ут (41), Фернандиньо (43), Сане (73), Бургшталлер (90), Эдерсон (90).

Четлатиш: Отаменди (68).

 

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар