{{ message }}

Қодирлик нуқтасига ишора

Чинакам мухлиснинг футболга ошуфта қалби баҳор ҳавоси каби ўзгарувчандир. Унинг мағлубиятлардан зада, қора булутлар қоплаган кўнгли ҳамиша бир тутам шуълага интиқ-интизор. «Энди футбол кўрмайман!» дея футболчиларимиздан аразлаган мухлис қалбини, не тонгки, шу бир тутамгина шуъла нурга, шодликка тўлдиради. Сардор Рашидов Португалия Примеросида қайд этган «хет-трик» футболимиз ихлосмандлари учун ана шундай умидбахш шуъла вазифасини ўтади. Гўё қаҳратондан тош қотган қутб­да нозик-ниҳол гунафша ифор таратди, шодлик ва умид ғунчаси яна кўз ёрди.

Эйсебио, Луиш Фигу, Криштиану Роналду, Нани, Пепе, Фабиу Коэнтрау каби довруқли футболчилар камол топган юртда, еврофутболнинг талабчан мухлислари у қадар эътибор қаратмаган ўйинда ўзбек ўғлони барчани ўзига қаратди. Наинки либоси ва рақами, балки майдондаги ҳаракатлари, хусусан, бирдан шашт билан олдинга ташланиши ҳам Роналдуга ишора қилувчи бу йигит яна футболимиз муҳитининг эркатойига айланди. Ваҳоланки, кечагина вазият бутунлай бошқача эди. Бугун ҳаммаси бирдан ўзгарди-қолди.

Осиё кубоги-2019дан аввал ҳамкасбларимиз «Бургутнигоҳ Сардор!» дея олқишлаган футболчи, афсуски, қитъамизнинг нуфузли турнирида ўзини кўрсатолмади ва кўпчилик ҳафсаласини пир қилди. Мухлислар орасида «Сардор Рашидовдаги истеъдод олови сўнибди. Ўзини ҳам, футболимизни ҳам Европада шарманда қилмаса бўлгани» қабилидаги гап-сўзлар кўпайди. Футболчимизнинг дебют учрашувида «Насьонал» фантастик ҳисобда мағлубиятга учрагач, бу каби писандалар янада кучайди. «Қаранг, қадам ҳам шунақа «қутлуғ» келадими?!» дейишди улар бир-бирларига истеҳзо билан. Бай-бай! Ўша ҳисобни эсласак, ҳали ҳам юрак увишади. «Насьонал» ва Сардорга шу натижанинг эсанкиратувчи босимини енгиб ўтгани учун қойил! Сардорнинг бахтига, «Насьонал» бу сафар аутсайдер билан тўқнашди. Ҳарқалай, ҳамюртимиз сал нафас ростлади, португал футболи муҳитига кўникди ва омадли имкониятдан унумли фойдаланди. Сардор Рашидовнинг Португалия Примеросидаги кутилмаган юриши шундоқ ҳам бир-бири билан баҳслашишни хуш кўрадиган мухлисларни катта-кичик гуруҳларга бўлиб юборди. Юқорида айтганимиздек, кўпчилик Сардорнинг қайта уйғонишидан хурсанд. Бироқ «Аввалроқ қаерда эди? Нима учун Суперлига ўйинлари ва терма жамоамиз таркибида шундай ўйнамади? Ҳамма ҳунарини «Насьонал» учун олиб қўйган экан-да?!» дейдиганлар ҳам анчагина. Яна айримлар Андрей Фёдоров каби Эктор Куперни Сардор Рашидов имкониятларини тўла очолмаганликда айблашмоқда.

Очиғи, мулоҳазаларнинг бирортасини бутунлай инкор этиш қийин. Барчасида оз ёки кўп миқдорда ҳақиқат мавжуд. Ўзимиз ҳам ўтган йил декабрь ойи бошларида терма жамоамиз ўнг қанотида Акмал Шораҳмедов ва Сардор Рашидов тўп суришини назарда тутиб, хавотиримизни билдирган ва бу жуфтлик наинки бир-бирини тушуниш ва қўллаб-қувватлашда қийналишини, балки Эктор Купер футбол фалсафасига мос келмаслигини таъкидлагандик. Албатта, аргентиналик мураббийга ўргатиб бўлмайди. Буни билсак-да, хавотиримизни ёзишдан тўхтамадик. Купер эса терма жамоамизнинг Осиё кубоги-2019даги биринчи учрашувидан сўнггина дастлабки қарори хато эканини англади. Аммо кеч бўлиб улгурганди. Турнир давомидаги шошилинч ўзгаришлар ўзини оқламади, барибир. Ёдингиздами, бутун ўзбек матбуоти йил бошидаги йирик мусобақа олдидан терма жамоамиз шаънига олқиш ёғдирди. Чунки ғишт қолипдан кўчган ва танқидий мулоҳазаларни ёзиш энди фойдасиз эди.

Хуллас, матбуотимиз Эктор Куперга таъсир ўтказолмади. Тил билмайдиган ва танқидий мулоҳазалар босимидан холи мураббий хотиржам ишлайверди. Ишончимиз комилки, у ҳозир ҳам хотиржам. Натижадан келиб чиқиб иш тутадиган мураббийлар доим шу йўлдан борадилар. Уларнинг пешонаси деворга бориб урилиши шарт. Биз терма жамоамиз мураббийини ўнлаб ёвқур қаҳрамонларни китобхонларга туҳфа айлаган Фенимор Куперга қиёслагандик. Лекин у янги футболчи - қаҳрамонларни кашф этиб беролмади. Аксинча, қаҳрамон бўлиши кутилган Сардор Рашидовни куперона услуб пардаси ортига яширди. Футболчимиз «Фейренше» дарвозасига урган голларга қайта-қайта нигоҳ ташлаганимизда, у абжир, шиддаткор, яккакурашлардан чўчимас футболчи сифатида кўринди ва бизни севинтирди. Тушундикки, «Бенфика» билан кечган оғир баҳс­дан кейин легионер мақомига эга Сардор Рашидовдан бошқаларга нисбатан кўпроқ масъулият сўралган. У томонларда енгил-елпи сабаб-баҳоналар билан масъулиятдан қочиш мушкул. 

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда

Киритиш