{{ message }}

ПФЛ 5 та клубнинг якуний қарорини кутмоқда

Профессионал футбол лигаси бугун — 22 февраль санасида Суперлига учун даъвогар бўлган 12 та клуб ҳақидаги ўз хулосаларини Ўзбекистон футбол ассоциациясига тақдим этади.

Бунгача “Пахтакор”, “Локомотив”, АГМК, “Металлург”, “Бухоро” ва “Қўқон-1912” клублари лицензиялаш бўйича регламентнинг академия талабларини бажармагани юзасидан хабар берилганди. Айни вақтда “Қўқон-1912” футбол клуби Фарғона вилояти болалар-ўсмирлар футбол академияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади. Бугун кечга қадар қолган 5 та клуб раҳбарияти 2019 йилги мавсум талаби бўйича кафолат хати тақдим этиши керак.

Агар мана шу 5 та клуб кафолат хатини ўз вақтида тақдим этмаса, уларнинг Суперлигада иштирок этиш масаласи сўроқ остида қолади. Уларнинг ўрнини катта эҳтимол билан “А” Про-лигасида тўп суриши керак бўлган ва лицензиялаш талабларини амалга ошираётган клублар эгаллаши мумкин. Бу ҳақдаги қарорни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Лицензиялаш бўйича қўмитаси қабул қилади ҳамда тасдиқдан ўтказиш учун Ижроқўмга киритади. Профессионал футбол лигаси мана шу тақдимнома асосида 25 февраль куни Суперлиганинг 2019 йилги мавсуми учун қуръа ташлайди.

Маълумот учун, клубларга тақдим этилган 2019 йилги мавсум учун Мусобақаларни ўтказиш регламентида Суперлигада 10 та клуб иштирок этиши мумкинлиги масаласи ҳам кўрсатиб ўтилган. Воқеалар шу тақлид давом этса, мусобақа формати 10 та клубга мослаб тузиб чиқилади ҳамда 25 февраль куни шунга асосан қуръа ташлаш маросими ўтказилади. Маросим 18:45 дан бошлаб “Спорт” телеканалида жонли намойиш этилади.

Манба: www.pfl.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар