{{ message }}

Қўрқув ва хавотир – дурангга розилик омили

Суперлиганинг янги мавсуми илк турида 5та дуранг қайд этилишини кутмагандик, очиғи. Аввалдан айтиш мумкинки, футболимизда ҳамон кўзга баралла ташланмайдиган муаммолар сезилмоқда. Бу бир футболчидан иккинчисига ёхуд битта жамоадан бошқасига кўчмоқда. Гап инфратузилма билан боғлиқ оғриқлар ҳақида бормаётгани тушунарли бўлса керак. Дейлик, илк турдан ўрин олган ва қизиқарли кечиши кутилган «Водий дербиси»нинг Наманганда ўтказилмагани - футболимиз тараққиёти борасида орзуманд бўлишга ҳали эрталигидан далолат. Бизда майдонни созлаш жараёни меҳмон келишидан олдин айрим жойларни наридан-бери оқлаш ҳаракатини ёдга солади. Меҳмон келмасидан олдин бир ёмғир ёғиб, оҳакни ювиб кетиши ҳам таниш манзара...

Афсуски, мутасаддилар ҳаммасини била туриб ҳам, қисқа оҳаклаш ишидан воз кечишолмаяпти. «Болта тушгунча, тўнка дам олади» қабилидаги ёндашув биз яшаб турган жамиятда, шу жумладан, футболимизда ҳам жон сақлашга тиришмоқда. Шунинг учунми, Намангандаги футбол майдони, яъни «Навбаҳор» тўп сурадиган «Марказий» стадиони тез-тез таъмирлашга муҳтожлик сезаверади. Таъмирчилар эса ўз билганларича иш тутаверишади: «Қўлдан кетгунча, эгасига етгунча». Хом-хатала, чала ишларнинг давом этаверишидан хижолат тортадиган мутасаддининг ўзи йўқ. Чунки стадионга қанча муддат масъул бўлишини ҳеч бир раҳбар аниқ билмайди. Футболимизга инвестициялар дадил кириб келмагунча бу каби хаспўшлаш ва юзакиликлар охири кўринмайди, шекилли. Бор гап шуки, фақат хусусийлаштириш жараёнигина футболимизни мавжуд муаммолардан қутқаради.

Юқорида инфратузилма муаммолари хусусида ёзиш асосий мақсадимиз эмаслигини таъкидладик. Шу боис, бу мавзуга бироз тегиндик, холос. Ҳаммаси - наманганлик мухлислар ҳурматидан. Мутасаддилар минг важ-карсон кўрсатишмасин, бари энди бефойда. Факт шуки, Наманган битта дербидан мосуво қолди. Ишонинг, «Навбаҳор» ўз майдонида ўйнаганида, ҳаммаси бошқача кечарди. Ҳар ҳолда, мухлислар «лочинлар»нинг айрим футболчилари хотиржам тўп тепишларига йўл қўйишмасди асло. Шунда улар қўқонлик рақибларни бемисл босим билан довдиратишармиди? «Майли, ёруғ кунлар олдинда, сабр қилайлик-чи…», дейишдан ўзга илож йўқ нечанчи мартадир киноя-кесатиқ билан. Ҳа, ҳозирги ҳолатда киноя, кесатиқ, истеҳзо мамлакатимиз футбол мухлисларига ёлғиз юпанч...

Хўш, АГМК - «Бухоро» баҳси нима учун шарҳловчини ҳам, мухлисларни ҳам зериктирди? Наҳотки, ҳар икки жамоа футболни соғинмаган бўлса, шашту шижоат билан ўйнаб ғалаба қозонишни истамаса? Хотиржам тортинг: клублар расмий учрашувни соғинган, ғалаба қозонишни ҳам истаган. Бошқача айтганда, келишув ҳақида оғиз очиш мумкин эмас. Наинки АГМК ва «Бухоро», бошқа жамоалар ҳаракатида ҳам биз ҳеч қандай келишувсиз дурангга розилик, муросага мойиллик аломатларини кузатдик. Фақат «Сўғдиёна» Вадим Абрамов ва «Бунёдкор»ни чув туширди. Негаки, «қалдирғочлар» жиззахлик футболчиларнинг бир муддат бепарво тўп суришларига ишониб, алданиб қолишди. Қарангки, ўзини дурангга розидек кўрсатиш «Сўғдиёна»нинг ўзига хос тактикаси бўлиб чиқди. Ҳаттоки, шарҳ­ловчи Бобур Акмалов дуранг ҳақида гапира бошлаганди, аммо Сергей Лушан шогирдлари бирдан «портлашди». Шу эффект таъсиридаги дастлабки ҳужум гол билан якунланди. Акс ҳолда, «Сўғдиёна» ҳам мағлубиятга учраб, мухлислар дашномига қолмаслик учун дуранг натижага интилармиди?

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда

Киритиш